ХОСИЯТ РУСТАМ ШЕЪРИЯТИ, ЯНГИ ЙЎЛ, ЯНГИ ДУНЁ - Май Ван ФАН

ХОСИЯТ РУСТАМ ШЕЪРИЯТИ, ЯНГИ ЙЎЛ, ЯНГИ ДУНЁ

 

 

 
Хосият Рустам

 

 

Май Ван ФАН

 

Хосият Рустам шеърияти сирли бир чаманмикин ва ё синоатга тўла дунё? Шоиранинг Ву Виэт Ҳунг томонидан таржима қилинган китобини ўқир эканман, хаёлларимни шу савол банд этади. Ҳа, унинг шеърияти гўзал боғ! Чунки мен унинг шеърларини ўқир эканман, қулоқларим остида сокин эсаётган шамол шивирлайди, ўзим ҳеч қачон билмаган ва бўлмаган Ўзбекистон қуши ҳонишини тинглайман. Бундаги сукунат куйига вазмин япроқлар ҳам бир тебраниб қўядилар, ҳар бир ёруғ қор парчалари ўзини йўқотиб, борини тупроққа отади. Бу боғ шоиранинг иқрорлари, орзулари, борки туйғулари, меҳри ва муҳаббатини яширган... Ва у яшайверади, у бахтли ва мана шу боғ унинг қайғулари, топишлари ва йўқотишларига гувоҳ.

Илтижо қиламан, менга ҳам ҳеч йўқ

Майсанинг кучини бергин, Худойим!

(7-шеър)

Шоира боғ ичинда туриб шундай илтижо қилади. Бу китоб ҳар бир ўқувчи учун ўз дарбозаларини очаркан, унинг сўқмоқлари китобхонни кичик боғ орқали катта дунё сари етаклайди. Бу олам тоғлари, ёнаётган саҳролари, чуқур дарёлари бор Марказий Осиёлик инсон қалбининг пинҳонларию чиройига йўргаклайди. Шеърлар ўқувчини гўзал таассуротлар билан етаклаб кетади. Бола каби эргашиб кетаётганингизни кейинроқ англайсиз. У Сизга сиз ҳали кўрмаган янги бир дунё ҳадя этади. Шеьрларни вьетнамча ўқияпман, таржима эканини унутаман. Бошимни кўтаргим келмайди китобдан. , Ўзбекистоннинг улкан пахта, буғдой, арпа далалари кўз олдимга келади, баьзан Ўзбекистон кўчаларида кетаётгандай ҳис қиламан ўзимни.

Ваҳм босган далаю даштни,

Кўкси тўла – жим ухлайди тош.

Бу заминда шамолга қарши –

Дарахтлар ҳам кўтармайди бош.

(8-шеър)

Хосият Рустам шеърияти билан танишгач, шуни айтишим мумкинки, у макон ва замон чегараларини писанд қилмайдиган катта шоир. Бу истеьдод ҳамма шоирларга берилмаган. Бундай шоир ҳамма миллатларда ҳам йўқ. У кечаги кунга эркин муносабат билдиради, ўтмишга қилган саёҳатлари бугунги кунга уланиб кетади. Бу услуб унинг 12-шеърида яққол кўзга ташланади.

Тонготарда отлар йўлга отланар –

Бирин-кетин кишнаб қўяр кайфи чоғ.

Орқароқда фақат битта от борар –

Ҳорғин қадам босар.

Кўзлар бечироқ.

Емга оғиз олиб бормас – қолар сув,

Гўё жангу жадал – надир портлади.

Тушларида кўриб чиққан эди у,

Урушларда таслим бўлган отларни.

Шеьр чиндан ҳам отлар ҳақидамикан? Юрагимда алланечук оғриқ билан атрофга аланглайман. Кўзларим ёшланади... Отлар тимсолида одамлар кўз олдимга келади. Ва яна тасаввур қила бошлайман.

Сурувдан ажралиб турган от. У ем ва сувни ҳам инкор қилган. Чунки у тушида ўтмишдан бир садо тинглаган. Бу тарихдаги жароҳатларга тўла, ўлим келтирувчи, шиддатли жанглар товуши. У қон ва кўзёшлар ичида ўз дўстлари ва инсонларни кўргандек бўлади. Яна ўйга толаман, кўксимни нимадир ғижимлайди.

Шоиранинг вазмин шеърларидаги ифодалар ҳам ўқувчини мафтун қилади. Ватан табиатидаги нозик гўзалликни маҳорат билан чизади у. Энди япроқларни қуш уяларида кўрамиз, туман эрта тонгдан заминни маҳкам қучиб олади. Бу суратлар шоиранинг шеърлари орқали жонланади, уларда Хосият юртни тасвирлайди, ўқувчига таништиради. 

Олчадан узилган сўнгги барг каби,

Диққатингни тортмас ҳолим –

Унутман.  

Гўё қўшнимизнинг ҳовлисидаги –

Олма дарахтидан тушган қуртман.

Хосият Рустам оддий, кундалик ҳаётимиздан у қадар узоқлашмаган мавзуда ҳам шеърлар ёзган. Аммо мана шу мавзулардаги ижод намуналари ҳам ўқувчида катта таассурот қолдиради. Ва китобхонга ўзининг меҳридарё, ҳаяжон тўла қалбини ҳис этишларига имкон беради. Шоира самимий дўст, вафоли ёр, оддий, аммо буюк она. 34-шеърда у ўзининг бобоси ҳақида ёзади. Шеьрдан кўринадики, унинг бобоси уруш қатнашчиси бўлган. Шоир бобосининг оёқсиз тушган расмига тикиларкан, ёғоч қуролни от қилиб миниб юрган ўғлига жовдираб қарайди... Шу кичик эпизодда ҳам катта фалсафа бор.

Яхшиям боғланиб қолганман шеърга,

Яхшиям бор экан уй, бола-чақам...

Ушбу самимий сатрларда ҳам Хосият ўзининг яшаши ва ижод қилишининг асл сабабларини келтирадики, ҳаяжонланмай иложинг йўқ.

Шоиранинг шеърлари гўёки чўкаётган кемадаги қутқарув арқони сингари ўзига боғлайди, яшашга бор кучи билан интилаётган одамларга руҳий қувват берибгина қолмай, шу қадар равон йўлак иньом этадики, руҳиятинг сарҳадларида қуёш чиқаётганини ҳис қилмай иложинг йўқ. “Дўрмон” номли 16-шеърда Хосиятнинг турмуш ўртоғига бўлган чексиз муҳаббатини кўришимиз мумкин. У Ўзбекистоннинг катта ёзувчиси Қўчқор Норқобилга бағишланган.

ДЎРМОН

Ёзасиз... Тун бўйи...

Ичасиз оғу –

Қўрқасиз – эшикни дафъатан очсам.

Ватан бўлмаса ҳам уйимиз бор-ку –

Олиб қўйишмаса эрта уни ҳам.

Дарҳол ошхонадан келтираман сув,

Қўрқувни енгамиз... 

На мен... ва на Сиз

Ҳаёт бўлмаса – бор –

ўлим шубҳасиз.

57-шеърда эса шоира ота-онадан бир умрга жудо бўлиш билан боғлиқ, сўз билан таърифлаб бўлмас оғриқ ҳақида ёзади.

Бу вазиятда шоиранинг қийноқлари барча ота-онасидан ажраган инсонлар ҳислари билан ўхшаш бўлиши мумкин, лекин шеър мутлақо ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган мавзу эдики, беихтиёр додлаб юборгинг келади.

Мен онамни ерга экдим,

Вужудимдан кўчар титроқ.

Мен отамни ерга экдим-

Сен қаддингни кўтар, тупроқ!

Ҳали бир кун Хосият Рустам деган исм зулмат аро зиё каби яшнаб, табаррук бир ҳисга буркайди дунёни. Бу ном ўзбек халқининг руҳий бойлиги ва бу бойлик жаҳон адабиёт оламини ҳам бойитиб, ранг-баранглик касб этишига ёрдам беради. У бир шеьрида айтганидек, ерга қадалган уруғ каби, ўз Ватанида мева беради, аммо кейинчалик олисларга кенг қулоч ёзиб парвоз қилади. Ушбу китоб Хосият Рустамнинг 60 та шеъри ва туйғулар тўла 32 саҳифадан иборат насрий шеърлар деб ҳисоблашимиз мумкин бўлган кундалигини ўз ичига олади. Унинг кундаликларини варақлаб, ўзим учун янги, фараҳбахш, инсонга далда бергувчи дунё кашф этаман. Ҳар бир саҳифа шу қадар мароқлики, сен ҳам шу хотиралар ичида яшаётганингни, улар билан нафас олаётганингни ҳис қиласан! Хотиралар, у учратган яқинлар, дўстлар ҳақида, қадамлари етган сўқмоқлар, адабий манзиллар тўғрисида сўзлайди. Мен кундаликдаги туйғулар сайрига мафтун бўламан. У бахт, қийноқ, азоб ва бу дунёда энг гўзали бўлган – ёзиш орзуси, инсонлар, меҳр, муҳаббат сабаб тўкилган кўзёшлардан порлаб кетади. Баъзан шоира учун бу дунё жуда кичик, аммо у қадам қўяр экан, ҳар қадамини нафис ва теранлик ичида учиб бораётганини кўрсатиб қўяди. У шундай чизади, шундай ҳикоя қилади ва шундай яшайдики, у билан лаҳзама-лаҳза Дунё тозариб боради ва унинг кўзларида сирли ишк бўлиб ялтирайди.

“Иккимиз икки хил дунё одамларимиз! На одамлари ўхшайди, на шаклу-шамойили! Аммо мана шу икки дунё бир нуқтада бирлашди! Ҳамма нарса Худога осон экан! Агар марҳамат кўрсатаман, деса, шундай осонлик билан истаганингни ёнингга келтириб қўяркан!

Биласиз, киприкларингиз менга жуда ёқади. Кўзларингизни-ку жинниси эдим! Иккимиз йиғлаган вақтлар улар шу қадар чиройли бўлардиларки, қараб, нега йиғлаётганимни эсимдан чиқариб қўярдим”,

Кундаликнинг 10-саҳифаси.

Шоиранинг кўзёшлари у ишқ ҳақида ёза бошларкан, шаффоф дур-у марваридларга айланади. Унинг оташин ва одамни ўйга толдирадиган кундаликлари инсон қалбини шу қадар гўзал бўлишидан огоҳ этибгина қолмай, сени бошқа бир ўзинг ҳеч қачон кўз олдингга ҳам келтиролмайдиган бир дунё билан таништирадики, сен ҳам ўша дунёларга кетгинг келиб қолади. У сени ёзганларига шундайин ишонтирадики, атрофингда ҳар куни кўриб турганинг бу дунёга қарамасдан, кўзларингни юмиб сен ҳали руҳиятингда кўриб қолганинг кўнгил дунёсига кетгинг келади ва яшагинг келади ўз қалбинг билан. Менимча, адабиёт дегани шу. Адабиёт дегани шунинг ўзгинаси! Яна бир гап, унинг хоҳ шеьрини, хоҳ кундалигини ўқинг, ўқувчида ўзбек аёли кўнглининг ҳуснига ҳавас, ёниб яшаётган, ҳаммага яхшилик қилаётган ўзбек хонадонига муҳаббат уйғотади.

“Биз узоқ йиғладик... Юракларимиз эриб-эриб тушаётганини кўриб турдик. Денгиз, сенинг тилингга тушунмасдим фақат! Йиғингга эса бутун вужудим билан тушунардим! Қўшилиб оқгим келарди Сенга!”

Кундаликнинг 4-саҳифаси.

Шоира кўзларидан тўкилган ашклар ҳаётининг ҳар босқичини, ўзидаги кучли сабот-у биз яшайдиган дунёнинг мўртлигини кўришга имкон беради.

“Шамол шиддат билан кетаётган пайт киприкларимга урилиб кетди...

Бутун орзуларим ер билан бир бўлди. Менинг кўзларим коронғулашиб кетди! Кўзларимнинг боши коронғу эди. Теграмда айланаётган қушларни энди кўрдим... Кўзлари маъюс қушлар. Ҳамма нарсадан хабардор қушлар...”

Кундаликнинг 14-саҳифаси.

Шоиранинг йиғиси шеърга айланади, нақадар гўзал бу! Улар аслида ҳисларнинг, бахт, дарднинг кўзгуси, кўнгил ифодасидир.

Бу ғаройиботларга тўла дунёда Хосият Рустам Вьетнамга ва вьетнамликларга уни севиш, ҳурмат қилиш ва доимо ёдда тутиш учун имкон берди.

2019-йилнинг бошларида у Вьетнамга 3-Осиё-Тинч Шеърият Фестивалида иштирок этиш учун ташриф буюрди. 

Ва шу йилнинг август ойида у “Адабиёт ибодатхонаси” номли оташин эсдалик ёзди.

“Вьетнамдаги адабиёт ибодатхонаси ҳақида ўйласам,  ҳалиям ичимга сиғмай кетяпман. Шундай уйғоқ сукунат борки, юрагинг ҳайқиради... Биз борган кунимиз ёмғир  ёғди... ҳақиқатдан шамоллар ҳаддини билди, ҳаво чурқ этмай кузатиб турди бизларни. Биз ҳам уларнинг иззатини жойига қўйдик, ҳар бир лаҳзани кўзларимизга жойлаб, юрагимизни қўриқчи қилиб қўйдик... 143 нафар шоир иштирок  этдик. Исмларимиз ҳам кийимларимиз каби ранг-баранг.   Бирининг исмига тилинг айланмайди, бирининг исмидан  бошинг айланиб кетади...”

(“Уйғоқ сукунат ичра”)

Ҳанойнинг ардоқли меҳмони бўлган шоира бу ерда узоқ муддат бўлмаганига қарамай, бу ердаги муҳитни англади, қадрлади. Бунга унинг қўйидаги кундалиги ёрқин мисол бўла олади:

“Қаерга қарамай, дунёнинг ҳамма жойи Адабиёт ибодатхонаси бўлиб кўринаверади. Бугун программада кўрсатилгани бўйича Адабиёт ибодатхонасини кўришга тонг-саҳарлаб йўлга чиқдик. Ҳамманинг кайфияти зўр! Ҳаммамиз бир-биримизни яхши кўрамиз! Худди ибодатга кетаётгандаймиз! Билмадим, қандайдир сеҳр бор бу ерда. Биноларда салобат. Дарахтлару гулларгача қаерда ўсаётганини билади. Қушлар анча вазмин... шамоллар жим...нафас олмай тургандай ҳаво...Ёқимли сукунат, юрак уришини эшитиш мумкин бўлган жимлик! Ҳамма ўзи билан бўлиб кетди, анчадан буён кутганимиз янаям кўзга кўриниб қолди... Бизнинг уйимиз эди асли бу жой. Бизнинг Ватанимиз эди Адабиёт ибодатхонаси.”

Кундаликнинг 20-саҳифаси.

Хосият Рустамнинг шеърлари ва кундаликлари вьетнам тилига таржима қилинди ва бир неча газета ва журналларда, мамлакатимиздаги адабий сайтларда эълон қилинди. Кўплаб шоирлар ва китобхонлар шоиранинг ёзганларини севиб ўқидилар, ўқимоқдалар ва уларни Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақидаги қадрли ва муқаддас ҳужжат сифатида баҳоладилар. Тақдимотда аён бўлдики, бу ерликларинг кўп қисми Тошкентга бордилар, масжидларни кўрдилар, 2000 йиллар мавжуд бўлган “Буюк ипак йўли” чоррахаларини кесиб ўтдилар. Аммо, эьтироф этдиларки, шоира чизган йўл адабиётдаги бошқа бир катта йўл, айниқса, шеърият учун олис-олисларга чўзилгувчи, асрларга хамқадам бир йўл. Яъни Хосият Рустам мазкур китоби орқали вьетнамлик китобхонларга меҳрибон ва кенг қалбли, суюкли ўзбек халқининг кўнгил оламига кириб бориш учун янги бир йўл очиб берганлиги ва ушбу китоб  Хосият Рустамнинг вьетнамлик ўқувчиларига афсонавий Марказий Осиё халқининг сирли ва бой дунёсини ўрганиш учун ҳали кўплаб имкониятлар яратади.

                         

Ҳаи ПҲОНГ шаҳри, 28 май, 2020 йил.

М.В.Ф

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

BÀI KHÁC
1 2 3 

image advertisement
image advertisement
image advertisement




























Thiết kế bởi VNPT | Quản trị